Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Стандартлаштириш ва экспорт масалалари муҳокама қилинди



“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси корхоналари иштирокида маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қўлланиладиган халқаро стандартлар ва сертификатлаш масалалари юзасидан “Ўзстандарт” агентлиги раҳбари ва масъул ходимлари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Мулоқотда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси М. Юнусов электротехника маҳсулотларини халқаро стандартларга мос ҳолда ишлаб чиқариш ва уни экспорт қилишда юзага келаётган муаммолар, Президент ҳужжатларида белгиланган вазифалар хусусида гапириб ўтди.

 “Ўзстандарт” агентлиги раҳбари Дилшод Сатторов бугунги кунда маънан эскирган, халқаро талабларга тўлиқ жавоб бермаётган ва бир-бирини такрорловчи стандартларни аниқлаш ҳамда уларни замонавий талабларга мувофиқлаштириш, республика ҳудудида контрафакт ва сифатсиз электромаиший маҳсулотлар реализация қилинишининг олдини олиш юзасидан илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда уларнинг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини таъминловчи намунавий синов дастурларини ишлаб чиқиш устида иш кетаётганлигини таъкидлади. Бундан ташқари, электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришда халқаро стандартларга қўйилаётган талаблар, уларнинг молиявий масалалари ҳам муҳокама қилинди.

  

“Корхоналарга халқаро стандартларни жорий этишда ёрдам берсак, экспорт маҳсулотларимиз халқаро бозорга шунчалик тез кириб боради” - Мирзиёд Юнусов, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси  раиси

Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган стандартлаштириш масалаларига оид вазифаларга тўхталиб ўтилди.

Таъкидландики, «Ўзстандарт» агентлиги ва «Ўзэлтехсаноат» уюшмасининг 2019 ― 2021 йилларда электротехника саноати соҳасидаги халқаро стандартларни қабул қилиш учун «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармаси ҳамда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш кўзда тутилган.

Корхоналарга электротехника ва электромаиший маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарда халқаро стандартларни жорий этиш, маҳсулотларни чет эл бозорлари талабларига мувофиқ сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин битта ҳолат бўйича эквиваленти 20 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қоплаб берилиши тушунтирилди.

Распечатать Просмотров: 89 14 Авг 2019