Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat»

aksiyadorlik kompaniyasi

“Ўзэлтехсаноат” АК россиялик компаниялар билан қатор ҳужжатларни имзолади



Россия Федерацияси Президентининг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи доирасида илк бор “Ўзбекистон-Россия” ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ўтказилди.

Унда томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилишди. Хусусан, форум доирасида Ўзбекистон билан Россия ҳудудлари ва ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланди. Таъкидландики, 2019-2024 йилларда Ўзбекистон-Россия ҳукуматлари ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик дастури доирасида имзоланган электротехника саноати йўналишидаги меморандум ва ўзаро келишувлар муҳим аҳамият касб этади.

Форум доирасида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси Россиянинг нуфузли компаниялари ўртасида 4 та келишув ҳамда компания таркибига кирувчи корхоналар ўртасида кабель-ўтказгич маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича умумий қиймати 10 млн долларлик шартнома имзоланди.

Даставвал Россиянинг “Чебоксар электроаппарат заводи” АЖ билан “Ўзбекистон Республикасида юқори кучланишли ўзгарувчан частотали ўтказгичҳамда юқори вольтли электр двигателларни енгил ишга тушириш қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш лойиҳаси бўйича келишувга эришилган бўлса, «Медицинские технологии Лтд» АЖ ҳамда «С.П.Гелпик» МЧЖ билан “Ўзбекистон Республикасида юқори технологияли рақамли тиббий рентген диагностика асбоб-ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш”, “Нура Инвест” МЧЖ билан “Аккумлятор батареялар ишлаб чиқаришни ташкил этиш”, шунингдек "Индастриал Холдинг" МЧЖ билан “Ўзбекистон Республикасида замонавий кабел ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳалари доирасида икки томонлама меморандумлар имзоланди. Музокаралар чоғида россиялик тадбиркорларга Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароит ва имкониятлар хусусида маълумот берилди.

 

Шуни таъкидлаш жоизки, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси таркибига кирувчи “Андижонкабел” АЖ ҚК ва «Ташэлектроаппарат» МЧЖ қўшма корхоналари Россия компаниялари инвестицияси иштирокида ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ушбу корхоналар самарали фаолият юритмоқда. Ўтган 2017 йил якуни бўйича Россия давлатига экспорт ҳажми 21,3 млн АҚШ долларини ташкил этган бўлса, жорий йилнинг 9 ойи давомида умумий қиймати 14,4 млн. долларлик электротехника маҳсулотлари экспорт қилинди. Келгуси 2019 йилда экспорт ҳажмини 1,5 баробарга ошириш кўзда тутилган.

– Биз Ўзбекистон томони билан яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдормиз. Бунда, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган кўп қиррали ҳамкорлик келишувлари муҳим аҳамиятга эга, дейди «Медицинские технологии ЛТД» АЖ Президенти Анатолий Дабагов. – Форум доирасида “Ўзэлтехсаноат” АК билан юқори технологияли рақамли рентген-диагностика асбоб-ускуналарини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳага келишиб олдик. Биз Ўзбекистон тиббиёти йўлида амалга оширилаётган ҳар қандай ташаббусни қўллаб-қувватлаш ва ҳамкорликда ишлашга тайёрмиз. Ушбу лойиҳа 2019-2021 йиллар давомида қўшма корхона кўринишида ташкил этилади ва бу мақсадлар учун 10,0 млн. АҚШ доллари миқдорида маблағлар киритиш кўзда тутилган.

Маълумки, «Медицинские технологии ЛТД» акциядорлик жамияти 20 йилдан зиёдроқ вақт мобайнида юқори технологияли тиббий рентген диагностика ускуналарини ишлаб чиқармоқда. Корхона 2010 йил Россияда биринчи бўлиб 16 ўлчамли кўп функцияли компьютер томограф ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. 2012 йилдан бошлаб эса 64 ўлчамдаги томография ва ултратовушли диагностика асбоб-ускунларини ишлаб чиқариш бошланди. Айни кунда компания томонидан тиббий-диагностика технологияларини нафақат Россия ҳудудида, балки қўшни мамлакатларда ҳам ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш тармоқларини кенгайтириш бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорлик таклифлари илгари сурилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг 18 июль куни “Чебоксар электроаппарат заводи” АЖ бошқаруви раисининг ўринбосари А.Шурдов ҳамда "Ўзэлтехсаноат" акциядорлик компанияси бошқаруви раиси в.б А. Абдуллаев ўртасида учрашув ўтказилиб, унда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари белгилаб олинган эди. «ЧЭАЗ» АЖ паст кучланишли бошқариш мосламалари, микропросессорли релейли ҳимоялаш ускуналари ва электр энергиясини 0,4 дан 110 кВтгача тақсимлаш ускуналарини ҳамда электр двигателларни енгил ишга тушириш қурилмаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Келишувга кўра, 2019-2020 йиллар давомида умумий қиймати 5,0 млн долларлик бўлган “Ўзбекистон Республикасида юқори кучланишли ўзгарувчан частотали ўтказгич ҳамда юқори вольтли электр двигателларни енгил ишга тушириш қурилмалари ишлаб чиқаришни ташкил қилиш” лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. 

 

Форум доирасидаги учрашувлар давомида икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва техникавий тажриба алмашиш бўйича ҳам ўзаро келишувга эришилди.

Распечатать Просмотров: 113 18 Окт 2018