Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Кенг жамоатчиликка қарор моҳияти тушунтириб берилди



Жорий йилнинг 13 июнь куни “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 май куни имзоланган «Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4383-сонли қарори мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

Брифингда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Бошқарув раиси Алишер Абдуллаев сўнгги йилларда республикада электротехника саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, юқори қўшилган қийматли электротехника ва электромаиший маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги хусусида маълумот берди ва қарорнинг муҳим жиҳатларини шарҳлаб берди. Хусусан, электротехника саноати йўналишида фаолият бошлаган тадбиркорлар учун унинг аҳамияти тушунтирилди.

Қарор билан электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олингани ва унга мувофиқ, эндиликда энергия тежамкор, арзон ва сифатли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, 2019–2020 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган, 2019–2021 йилларда электротехника саноатида 71 та лойиҳа амалга оширилиб, мазкур лойиҳалар учун 558,9 млн доллар сарфланади.

Қарорда 2019 йил 1 июлдан бошлаб электротехника корхоналари учун бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, электротехника маҳсулотларининг давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизгача нарх преференцияси қўлланилиши, бюджет ҳисобидан қуриладиган объектлар учун республикада ишлаб чиқариладиган электротехника маҳсулотлари сотиб олиниши, электротехника корхоналарининг экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг муддати 180 кун, электротехника корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган технологик ускуналари бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш муддати 270 кун этиб белгиланиши кўзда тутилган.

Энг муҳими, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар 2022 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона божлари тўлашдан озод этиладилар.

Қарор билан 2019–2021 йилларда маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган маҳсулотлар рўйхати ҳам тасдиқланган. 2020-2030 йилларда электротехника саноатини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, қарорда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасининг қўшимча молиялаштириш манбалари белгилаб берилган. Мазкур фонд маблағлари грантлар ажратиш, халқаро стандартларни жорий этиш, сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини қоплаш, стартап-лойиҳаларини молиялаштириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган бино-иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, молиявий кафилликлар бериш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини қоплаш, республикада ва хорижий давлатларда кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари ва кўргазма стендларини тайёрлаш каби мақсадларга йўналтирилади.

 “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва “Ўзстандарт” агентлиги 2019–2021 йилларда электротехника саноати соҳасидаги ҳалқаро стандартларни қабул қилиш учун Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштиришни ривожлантириш махсус жамғармаси ҳисобидан 1,2 млрд сўм, 2020–2021 йилларда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тенг улушларда 2,4 млрд сўм маблағлар ажратиш белгилаб қўйилди.

Шу билан бирга, қарорда Электротехника саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган бўлиб, улар электротехника саноатида мис ва бошқа хом ашё қайта ишлашни чуқурлаштиришга, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга кўмаклашиш, ишлаб чиқарилаётган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар таннархини ҳамда уни пасайтириш имконини чеклаётган ҳолатларни таҳлил қилиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш, тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, инновацион ишланма ва технологиялар жорий этилишини таъминлаш, “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш вазифаси қўйилмоқда.

Брифинг якунида қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан журналистларнинг берган саволларига жавоблар қайтарилди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати

Распечатать Просмотров: 69 13 Июн 2019