Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Фарғонада рентген аппаратлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди



Ҳудудлардаги корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб берилаётгани ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда. Буни электротехника саноатини ривожлантириш йўналишидаги қатор фаолиятлар мисолида кўриш мумкин. Жанубий Корея билан қўшма ҳамкорликда иш бошлаган «LISTEM-FERGANA» масъулияти чекланган жамияти бугун тиббиёт учун зарур бўлган 8 турдаги рентген асбоб-ускуналари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Бу нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёда ягона ҳисобланган электротехника саноати ривожида туб бурилиш, десак хато бўлмайди.

Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 2017-2018 йиллар давомида Фарғона вилоятига ташрифи чоғида аҳолининг сифатли тиббий хизмат имкониятларидан самарали фойдаланиш, тиббиётнинг замонавий диагностика асбоб-ускуналарини ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича алоҳида топшириқлар берган эдилар.

Марказий Осиёда ягона ҳисобланган Жанубий Корея билан ҳамкорликдаги мазкур қўшма корхонанинг умумий қиймати 5 млн доллар бўлиб, йиллик қуввати 300-500 дона рентген аппаратларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Бунинг натижасида 35 та янги иш ўринлари ташкил этилди. Йил якунига қадар 100 га яқин иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Маҳсулотларни дунё бозорига олиб чиқиш, “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” бренди остида экспортбоп маҳсулотларни тайёрлаш, энг аввало ички бозор талабларини қондириш мақсадида «LISTEM-FERGANA»  масъулияти чекланган жамияти йиллик ишлаб чиқариш қувватини келажакда 900 донага етказиш салоҳиятига эга. Маҳсулотлар ички бозор талабини қондиришдан ташқари келажакда экспортга йўналтирилади. Корхонада яратилган янги иш ўринларининг аксариятини касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислар банд этди. 

– Президентимиз томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида электротехника саноати соҳасида корхонамиз замонавий тиббий рентген асбоб-ускуналар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди, – дейди корхона ижрочи директори Орифжон Мадаминов. – Маҳсулотга ҳозирданоқ талаб юқори бўлмоқда. Корхона тўла қувват билан ишлай бошлагач, маҳсулотнинг асосий қисми экспортга йўналтирилади. Мазкур маҳсулотлар Ўзбекистон бозори учун ноёб ва инновацион маҳсулот ҳисобланади. Бу нафақат аҳолини диагностика қилишда тиббий ёрдам сифатини ва даражасини оширади, балки мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш тармоғи ҳам кенгайтирилади. Келгусида корхона фаолиятини янада кенгайтириш орқали тиббиёт муассасаларини арзон ҳамда сифатли рентген аппаратлари билан таъминлаш, иш ўринларини кўпайтириш режалаштирилган.

Хорижнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган корхонада бугун лойиҳанинг кейинги босқичини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилаяпти. Бу импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли тиббиёт асбоб-ускуналари билан тўлдиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Распечатать Просмотров: 288 18 Мар 2019