Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Сенаторлар мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Корея Республикаси тадбиркорлари билан учрашди



2019 йил 31 октябрь куни Олий Мажлис Сенати аъзолари мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган Корея Республикаси тадбиркорлари билан учрашди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси шафелигида Корея Республикаси Элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур учрашувда парламент аъзолари ушбу мамлакат ишбилармонлари билан истиқболдаги режалар хусусида ўзаро фикр алмашдилар.

 

Тадбирдан кўзланган мақсад Корея Республикаси билан инвестицион ҳамкорликни янада ривожлантиришдан иборат.   

Дунёдаги ривожланган мамлакатлар қаторига қўшилган Жанубий Корея давлати билан сармоялар киритиш соҳасидаги алоқаларни кучайтириш мақсадида Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси томонидан кореялик ишбилармонлар билан мулоқот майдончасини йўлга қўйиш ташаббуси илгари сурилди.

 

Илк бор ташкил этилган мазкур анжуман Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаеванинг жорий йилда Корея Республикасига амалга оширган ташрифи доирасида эришилган келишувларнинг амалий ифодаси ҳисобланади. Корейс инвесторлари томонидан мамлакатимизда татбиқ этилаётган лойиҳаларнинг ижроси парламент назоратида эканлигидан далолат беради.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея узоқ муддатли инвестицион ҳамкорлар ҳисобланади. Бугунги кунга келиб, мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этилган Корея инвестициялари ҳажми 7 миллиард доллардан ошди. Ушбу мамлакатнинг етакчи компаниялари устувор ва кўламдор лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этмоқда. Биргина ўтган йилда мамлакатимизда фаолият юритаётган қўшма корхоналар сони уч баробар ортган. Улар орасида Корея капитали иштирокидаги 160 та корхона бор. Ушбу давлат бизнес доираларининг Ўзбекистондаги фаолияти янада кенгайиши учун мамлакатимизда имкон қадар қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

 

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида асосий эътибор мамлакатимиздаги бизнес-муҳитни яхшилаш орқали чет эллик инвесторларни имкон қадар кўпроқ жалб этишга, етакчи ишбилармонлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилмоқда. Давлатимизнинг жаҳон бизнес рейтингларидаги ўрни юксалиши бу йўналишда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижа бераётганидан далолатдир. Шунга қарамай, хорижий бизнес ҳамкорларимиз юртимизда фаолият юритаётганда бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Уларнинг туб сабабларини таҳлил қилиш ва ҳал қилиш йўлларини излаш ушбу давра суҳбатида муҳокама этилган асосий мавзу бўлди. Анжуман иштирокчилари ўз амалиётларидан келиб чиқиб, бу борада долзарб ҳисобланган масалаларни ўртага ташладилар.

Тадбир доирасида янги инвестициявий лойиҳалар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Муҳокама этилган масалалар бўйича амалий таклиф ва тавсиялар билдирилди.

 

Распечатать Просмотров: 22 31 Окт 2019