Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Ургутда экспортбоп газ плита ва электр духовка ишлаб чиқариш бошланди



“Ургут” эркин иқтисодий зонасида ўз фаолиятини бошлаган “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи “Ideal Elektro lyuks” корхонаси томонидан электр духовка, газ ва электр плиталар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Эндиликда корхона томонидан 2019 йилнинг ўзида 4 млн АҚШ долларлик маиший техника воситаларини хорижга экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Бу яқиндагина соҳада туб бурилиш ясаган “Электротехника саноатининг экспорт салоҳиятини янада ривожлантириш ва ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори ижросининг дастлабки натижалари, дейиш мумкин.

“Ideal Elektro lyuks” корхонаси ўз фаолиятини даставвал Самарқанд шаҳрида бошлаган бўлиб, асосий эътиборни аҳолининг ички эҳтиёжларини қондиришга қаратган эди. Мазкур лойиҳанинг дастлабки натижалари самарали амалга оширилгач,  ишлаб чиқариш тармоғини кенгайтириш ва экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқаришга зарурат пайдо бўлди. Шу мақсадда “Ургут” эркин иқтисодий зонасида айнан экспортга мўлжалланган, “ўзбек” миллий бренди остида юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлаш ва жаҳон бозорига олиб чиқишга ихтисослашган янги иккинчи корхонаси 2018 йилнинг декабрь ойи охирида иш бошлади.

 

Бунда Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 12 январдаги “Ургут”, “Ғиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлиб, ҳудудда қатор лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имконини берди. Бунинг натижасида ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқараётган корхоналар сони ҳам кўпаймоқда.

Ўтган давр мобайнида “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ва “Ideal Elektro Lyuks” корхонаси томонидан Туркиянинг “Odul” компанияси билан ҳамкорликда газ плиталар, электр духовкалар ишлаб чиқариш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 2 миллион доллар бўлган мазкур корхона йилига 60 минг дона электр духовка ва газ плиталари ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларнинг 30 фоизини экспортга йўналтириш мўлжалланмоқда. Корхонада яратилган 120 та янги иш ўрнининг аксариятини касб-ҳунар коллежларини битирган ёш мутахассислар банд этди. 

 

– Туркия ва Хитойдан келтириб ўрнатилган замонавий ва юқори сифатли техник ускуналар ёрдамида ҳозирча газ плита ва электр духовкалар ишлаб чиқарилмоқда, – дейди корхона раҳбари Соҳиб Аъзимов. – Маҳсулотга ҳозирданоқ талаб юқори. Ички эҳтиёжни қондириш билан бирга йил якунигача экспортни ҳам йўлга қўйиш кўзда тутилган. Жумладан, 2019 йил давомида 4 млн доллар қийматидаги маҳсулотни хорижга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ишлаб чиқариш тармоғи ҳам кенгайтирилади.

Хорижнинг энг замонавий технологик линиялари билан жиҳозланган корхонада бугун лойиҳанинг кейинги босқичини ҳаётга татбиқ этиш устида иш олиб борилаяпти. Бу импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бир неча баробар ошириш, ички бозорни арзон ва юқори сифатли маиший техника воситалари билан тўлдиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Распечатать Просмотров: 488 11 Янв 2019