Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Электротехника саноатининг долзарб муаммолари ечими эътибор марказида бўлди



2018 йил 4 июнь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси томонидан амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, қўлга киритилган ютуқлар ва муаммолар тўғрисида”  матбуот анжумани ўтказилди.

Унда “Ўзэлтехсаноат” АК ижро аппарати ва унинг таркибига кирувчи корхоналар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистонда мустақиллик йилларида электротехника саноатинининг вужудга келиши ва шаклланиши босқичлари, тармоқнинг бугунги кундаги ҳолати ва республикада электротехника саноатини ривожлантиришнинг истиқболлари ҳақида ахборот берилди.

Таъкидландики, истиқлол йилларида иқтисодиётимизда амалга оширилган таркибий ўзгаришлар натижасида саноатнинг алоҳида тармоғи сифатида электротехника саноати вужудга келди. Бугунги кунда мазкур тармоқ республикада жадал ривожланмоқда. Ислоҳотлар ижросининг изчил таъминланаётгани туфайли тизимда хорижий инвесторларни жалб этган ҳолда кабель-сим, электротехника, маиший техника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва уларга техник хизмат кўрсатишга иҳтисослаштирилган янги корхоналар ташкил этилди ва хозирги кунда шулардан 70 тага яқин корхоналар компания тизимидан фаолият қўрсатмоқда. Корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг юқори сифатини таъминлаш мақсадида замон талабларига мос технологик қурилмалар ва линиялар ўрнатилган. Жумладан, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 400 кв кучланишгача бўлган “тўқилган полиэтилен изоляцияли кабел”ларни ишлаб чиқарувчи замон талабларига жавоб берадиган корхона барпо этилган. Эътиборлиси, мазкур корхона Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2017 йилда маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилга нисбатан 3,3 бараварга ўсган. Мазкур юқори ўсиш суратларига ишлаб чиқариш қувватларини техник ва технологик жиҳатдан модернизация қилиш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш орқали эришилган. Бу борада Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 13 февралдаги “2017-2021 йилларда электротехника саноатини диверсификация қилиш ва жадал ривожлантириш, бошқаришни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги 2772-сонли қарори тармоқ истиқболида дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Қарор ижроси билан тармоқ корхоналарини диверсификация қилиш, модернизациялаш ва техник-технологик янгилаш ҳисобига ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш чоралари кўрилмоқда.

Эътиборли жиҳати, ҳозирда соҳа корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати юқорилиги боис ташқи бозорларда ҳам бемалол рақобатга кириша олаяпти. Пировардида аксарият корхоналар ишлаб чиқарган ўз маҳсулотларини Буюк Британия, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Озарбайжон, Афғонистон, Қирғизистон, Украина, Қозоғистон, Тожикистон, Туркия, Россия каби ўнлаб давлатларга экспорт қилмоқда.

Кенг қамровли олиб борилган ислоҳотлар натижасида компания ва унинг таркибига кирувчи корхоналар томонидан кўпгина муваффақиятларга эришилди. Хусусан, соҳага дунёга машҳур компания брендлари ва уларнинг замонавий технологиялари жалб этилмоқда. Бунинг натижасида эса энергия сарфи, экологияга таъсир этувчи чиқиндилар йилдан йилга камайиб бормоқда. Корхоналарда халқаро сифат бошқарув тизими мувофиқлик сертификатлари жорий этилмоқда. Энг асосийси, ишлаб чиқариш корхоналарида янги иш ўринлари яратилиб, аҳоли бандлиги таъминланмоқда.

Шунингдек, матбуот анжуманида 2018-2021 йилларда ҳудудларни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш дастурлари доирасида Қарақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида амалга оширилаётган бир қатор янги инвестицион лойиҳалар хусусида сўз борди. Умумий қиймати 731,2 млрд. сўм бўлган 43 та янги лойиҳани амалга ошириш орқали 1 547 янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида “Кардар” МЧЖ томонидан электр сақловчи шкафлар, иситиш қозонлари, метал радиаторлар, “Титан” ДСЗ томонидан ярим автомат кир ювиш машиналари ишлаб чиқарилади. Самарқанд вилоятида “SAMFERRE” ХК томонидан музлаткич, совутгич ва газ плиталари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Халқаро ҳамкорлик доирасида ҳам жаҳонга машҳур брендлар билан турли йўналишларда англашув меморандумлари, икки томонлама келишув шартномалари имзоланган. Хусусан, Жанубий Корея Республикасининг “Kiturami” компанияси, Хитойнинг “Haier Group”, Туркия Республикасининг “Odul Madeni” компаниялари билан маиший техника ишлаб чиқариш соҳасида қатор лойиҳалар бошлаб юборилган.

Тадбирда тармоқда таркибий қайта ўзгартиришларни янада чуқурлаштириш, саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмлари ва турларини кенгайтириш, янги ташқи бозорларни аниқлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош, замонавий электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларни  изчил давом эттириш лозимлиги, бу борада ҳали фойдаланилмаётган захиралар ва имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Матбуот анжуманида компаниянинг 2018 йилдаги устувор вазифаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Таъкидландики, жорий йилда илмий тадқиқот ва инновацион фаолиятни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда иқтидорли ёшлар иштирокини, ижодий ғоя ва ишланмаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишлаб чиқариш жараёнига кенг тадбиқ этиш муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, ички бозорни замонавий, юқори технологик инновацион электротехника ва электрохўжалик маҳсулотлари билан тўлдириш, бозор иқтисодиёти шароитида тенг ва ҳалол рақобат муҳитини яратиш, электротехника соҳасига жаҳон брендларини фаол жалб этиш орқали давлат-хусусий шериклик муносабатларини қўллаш, янги бозорларни ўзлаштириш ҳамда экспорт салоҳиятини янада ошириш, ишлаб чиқариш жараёнига энерготежамкор ва алтернатив муқобил энергия манбаларида ишловчи илғор технологияларни кенг тадбиқ этиш лозимлиги доимий эътибор марказида бўлиши таъкидланди.

Тадбир якунида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб берилди.

“Ўзэлтехсаноат” АК 
Ахборот хизмати

Распечатать Просмотров: 406 04 Июн 2018