Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat»

aksiyadorlik kompaniyasi

Саноат ривожи йўлидаги муҳим қадам



Шу кунларда мамлакатимизда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация меҳмон бўлиб турибди.

 Бизга яхши маълумки, Ўзбекистон Афғонистонни яқин қўшни, дўст мамлакат сифатида ҳурмат қилади ва ўзаро муносабатларни юксак қадрлайди. Шу боисдан ҳам Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилиши, савдо, иқтисодиёт, транспорт, маданият ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳукуматимизнинг доимий эътиборидаги масала бўлиб келмоқда.

Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 19 сентябр куни Нью-Йорк шаҳридаги БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам қардош афғон халқининг турмуш тарзини юксалтиришга доим тайёр эканини, бундан кейин ҳам иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириб бориш асосий вазифалардан бирига айланишини алоҳида таъкидлаб ўтган эдилар.

Ўзбекистоннинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ ҳам қўшни мамлакатлар билан ҳамкорлик ривожланмоқда, барча масалалар ҳал этилмоқда. Ўзбекистоннинг ташаббуслари ва амалий саъй-ҳаракатлари минтақавий тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили тайинлангани мамлакатимизнинг икки томонлама муносабатларга ажратаётган эътибори намунаси бўлди, дейиш мумкин.

29 ноябрь куни Тошкент ва Кобул ўртасида биринчи марта тўғридан-тўғри ҳаво қатнови йўлга қўйилди. Бу воқеа нафақат чуқур рамзий маънога, айни пайтда катта амалий аҳамиятга эгадир. Энди икки мамлакат расмий вакиллари, ишбилармон доиралари, энг асосийси, оддий фуқаролар алоқалари учун қулай имконият яратилди.

Энг эътиборлиси, Ўзбекистон Афғонистонда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишига қаратилган барча амалий ташаббусларни изчил қўллаб-қувватлаб келмоқда. Давлатимиз Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатишнинг энг тўғри йўли – бу сиёсий музокаралар олиб боришдир, деган қатъий позицияда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани билан бўлиб ўтган музокараларда савдо-иқтисодиёт, транспорт, транзит, энергетика, кимё, агросаноат, таълим, маданият ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Мамлакатимизда экспорт масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Афғонистон эса Ўзбекистон учун яқин ва катта бозор. Ўзбекистоннинг ривожланган саноати, транспорт ва энергетика соҳасидаги салоҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Афғонистон учун манфаатли.

Бу борадаги имкониятларни ишга солиш мақсадида Савдо, транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик бўйича қўшма комиссия ташкил этилган. Ўзбекистон Афғонистонда темир йўл, энергетика, қурилиш лойиҳаларини амалга оширган. 2016 йилда савдо айланмаси қарийб 520 миллион долларга етган. 

Транспорт ва энергетика инфратузилмаларини барпо этиш соҳасидаги ҳамкорлик аввало икки мамлакат, қолаверса, минтақа давлатлари учун стратегик аҳамият касб этади. Хусусан, Сурхон – Пули Хумри электр узатиш линиясини қуриш лойиҳаси Ўзбекистон мутахассислари томонидан амалга оширилади.

Икки қардош мамлакат ўртасида ўзаро дўстлик алоқалари электротехника соҳасида ҳам ўз самарасини бериши, шубҳасиз. Бу жараёнда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси таркибига кирувчи корхоналар томонидан ҳам ишлаб чиқарилаётган қатор маҳсулотлар экспорт қилиниб, савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланади. Давлатлараро тузилган битимлар ижросини таъминлаш мақсадида кўплаб йирик лойиҳаларда фаол ташаббус кўрсатилади. Бу эса Ўзбекистон-Афғонистон муносабатларида янги саҳифа очилганидан далолатдир.

 

Алишер АБДУЛЛАЕВ,

“Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниясининг

бошқарув раиси вазифасини бажарувчи.

Распечатать Просмотров: 189 07 Дек 2017