Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Ҳамкорликдан мақсад маҳаллийлаштиришни кучайтириш



Изчиллик билан ва янгича босқичда давом этаётган  ислоҳотлар жараёнида саноат корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳага илғор технологияларни кенг жалб этиш, шу орқали юртимизга кириб келаётган импорт маҳсулотлари ҳажмини камайтириш,   экспорт салоҳиятини  эса юксалтириш долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди.

             Таҳлилларга қараганда кейинги йилларда кўрилаётган кенг кўламли чоралар натижасида мамлакатимиздан экспорт қилинаётган маҳсулотлар ҳажми кўпайиб бормоқда. Айни пайтда импорт маҳсулотлар салмоғининг ҳам ўсиб бораётганини кузатиш мумкин. Айниқса, улар орасида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар, ҳаттоки ўзимиздаги хом ашёдан тайёрланиши мумкин бўлган маҳсулот ва материаллар ҳам бор. Республикамиз саноат тармоғида етакчи ўринга эга бўлган “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси такрибига кирувчи корхоналарда ишлатиладиган бутловчи ва эҳтиёт қисмларнинг аксарияти четдан келтирилмоқда. Маълумотларга кўра, 2017 йилда компания таркибига кирувчи корхоналар томонидан умумий қиймати 244,7 миллион АҚШ долларлик хомашё, бутловчи қисм ва ускуналар импорт килинган, жорий йил январ-май ойларида бу кўрсаткич 103,7 миллион долларни ташкил этган. Кўриниб турибдики, муайян корхона маблағининг анча миқдори импортга сарфланмоқда ва бу ўз навбатида маҳсулот таннархининг қимматлашувига олиб келмоқда. Хўш, ушбу масаланинг ечими қандай?

            Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси,  “Миллий тикланиш” демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракцияси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси ҳамкорлигида  ташкил этилган “Миллий маҳсулотларни ишлаб чиқариш жараёнида маҳаллий хомашё ресурсларидан самарали фойдаланишнинг долзарб масалалари: “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси корхоналари мисолида” мавзусида кўргазмали семинари шу савол доирасида кечди.  Унда бу соҳадаги мавжуд муаммони ҳал этишда йирик саноат корхоналари билан кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги кооперация алоқаларини ўрнатиш, бунинг учун  йирик саноат корхоналари фаолияти, ишлаб чиқараётган маҳсулотлари ҳақида тадбиркорларнинг хабардорлигини ошириш, ўзаро маълумот ва ахборот алмашишни доимий йўлга қўйишнинг аҳамиятига асосий урғу берилди. Мақсад  йирик корхоналар томонидан  четдан келтирилаётган хом ашёлар, улар қайси маҳсулотни ишлаб чиқариш учун керакли, уларнинг хусусиятлари билан таништиришдан иборат бўлди. 

            Шу боис  семинар аввалида “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компанияси фаолияти   ва унга қарашли корхоналарнинг ишлаб чиқариш хусусиятлари ҳақида тақдимот намойиш қилинди. Таъкидланганидек, компания ўз таркибига  кабель маҳсулотлари, маиший техникалар ва трансформаторлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарни бирлаштирган бўлиб, ҳар уччала йўналишда ҳам бутловчи ва эҳтиёт қисмларни импорт қилиб келтириш ҳолати бор. Компания томонидан бу борада илмий изланишларга таянилган ҳолда керакли чораларни кўришга ҳаракат қилинмоқда. Яъни  ўз таркибига қирувчи  барча  корхоналар билан биргаликда импортни оптималлаштиришга доир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Натижаси бўйича келтирилган биргина мисолга кўра,  “Шўртангазкимё” мажмуаси билан ҳамкорликдаги изланишлар самараси ўлароқ,  кабель туридаги полиэтилен хом ашёсини ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, маҳаллийлаштирилди, илгари эса у импорт қилинган. Компаниянинг Ургут туманида маиший техника ишлаб чиқарадиган кичик корхоналари  газ плитанинг бурайдиган  пластик қисмларини Андижондаги хусусий корхоналардан, темир қисмини эса “Артел” компаниясидан олишга киришишган.  Бундан ташқари,  телевизорларни деворга мустаҳкамлаб қўйувчи қурилма ҳозир Хитойдан олиб келинмоқда, эндиликда тегишли лойиҳа асосида “Қўқон техинвест” корхонасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, дастлабки маҳсулот Қўқон дўконларига чиқарилиб, кейинчалик  қувват кенгайтирилиб республика миқёсида сотилиши режалаштирилган. Шунингдек,  ПВХ смоласини,  ПВХ пластикатининг янги турларини ўзлаштириш кўзда тутилган. Умуман, тармоқда   кооперация ва ўзаро тенг манфаатдорлик асосидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга, доимий мулоқотда бўлиш мавжуд муаммоларнинг ечими сифатида қаралмоқда. Мазкур жараёнда  албатта иккита омил —  сифат ва нарх муҳим аҳамият касб этади. Яъни маҳсулот чет элникидан қолишмайдиган юқори сифатли ва импортникидан арзон нархда бўлиши керак. Чунки, маҳсулот маҳаллий  хом ашё,  бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлардан қанча кўп тайёрланса,  шунча арзон нархда истеъмолчиларга етказилади. Ички бозоримизнинг тўйинганлик даражаси ошади, соғлом рақобат вужудга келади, энг муҳими, маҳсулот сифатли бўлса уни экспорт қилиш имконияти кенгаяди. Хусусий тадбиркорлар худди шундай талабларга жавоб бериб, йирик корхоналар билан алоқани йўлга қўйса, ўзининг келгуси ривожини таъминлаган бўлади. Айни пайтда компания томонидан  ўз таркибига қирувчи  импорт қилувчи корхоналар, четдан келтирилаётган хом ашё ва бутловчи қисмлар  ҳақидаги маълумотларнинг ягона электрон базасининг яратилиши бу борада муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.  

            Тадбир давомида  кабель маҳсулотлари, маиший техникалар ва трансформаторлар учун қандай ва қанча ҳажмдаги  эҳтиёт қисмлар зарурлиги, уларнинг қай бирлари  импорт қилинаётгани, техник хусусиятлари ҳақида тақдимотлар намойиш қилинди. Импорт товарлари, хом ашёлари, бутловчи ҳамда эҳтиёт қисмларидан фойдаланишнинг ҳолати  маиший техникалар бўйича  “Артел”, кабель-сим маҳсулотлари бўйича “Ўзкабель” “Андижонкабель”  корхоналари мисолида намойиш этилди.

              Ушбу корхоналарнинг масъул вакиллари томонидан берилган маълумотларга қараганда, масалан, маиший техникалардан  кир машинаси, холодильникларнинг корпуси темир ва пўлатдан тайёрланади ва улар ҳамда конденсатор, электрон термостат, турли хил электромотор, алюминий фольгаси импорт бўлиб келади. Кондиционерлар учун компрессор, клапан, ошхона газ плиталари учун таймер, термометр, электроконфорка четдан олинади. Шунингдек, электрсув иситгичлар,  чанг ютгичлар, лед лампалар ҳар  бири учун 6 хилдан хом ашё ва материаллар хориждан келтирилади.   

            Таъкидланганидек, кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёни жуда мураккаб бўлиб, бунинг учун 100 га яқин хом ашё ишлатилади. Улардан бири  алюминий Тожикистон ва Россиядан келтирилади.  Бундан ташқари, полиамид иплар, пластикат, бир неча маркали поливинилхлоридли пластикат,  “БАСКО” концентрати, ранги барқарор сақланувчи турли хил бўёқлар, ПВХ смолалари, полиэтилен, хлорпарафин, антиоксидант каби яна бир қатор қўшимчалар ва эҳтиёт қисмлар чет давлатлардан олиб келинмоқда. Кимёвий хом ашёлар асосан Европа мамлакатлари ва АҚШдан импорт қилинади.

            Трансформаторларнинг корпуслари  учун металлар  ҳам республикамизда мавжуд эмас. Шу боис уларни ҳам чет эл валютасига сотиб олинишига тўғри келмоқда.

            Тадбир мавзуси доирасида бутловчи ва эҳтиёт қисмлар импортини камайтириш  учун  нафақат ушбу қисмларни, балки уларни ҳам тайёрлашга кетадиган хом ашёларни ҳам  ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришнинг муҳимлиги масаласига тўхталиб ўтилди. Шунингдек, кузатилаётган муаммоларни бартараф этиш йўли сифатида йирик корхонанинг ўзида илмий изланишларни ташкил этган ёки кучайтирган ҳолда ўзи учун зарур бўлган бутловчи ва эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқарувчи кичик цех ёки корхона очишга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ.

            Шу билан бирга алоҳида эътироф этилганидек, тайёр товар бўладими ёки хом ашё ёхуд бутловчи ва эҳтиёт қисм бўладими, уларни экспорт-импорт қилишда  логистика масаласини ҳал қилиш долзарб вазифалардан бири бўлиб турибди. Шу билан бирга электротехника маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўпи хусусий бўлгани боис уларга имтиёзлар берилса, самара бериши мумкин  деган таклифлар ўртага ташланди.  

            Семинар якунида  иштирокчилар  бир қатор корхоналар томонидан импорт қилинаётган хом ашё ва эҳтиёт қисмлар билан яқиндан таништирувчи  кўргазма бўлиб ўтди. Мутахассислар хусусий тадбиркорларга ушбу маҳсулотларнинг техник хусусиятлари ва хоссалари,  ўзаро ҳамкорлик шартномаларини тузиш имкониятлари  атрофлича ахборот беришди. Бу борада иштирокчиларнинг фикрлари билан ҳам қизиқдик.

            — Умуман кўргазмали семинар  маълумотга бой тарзда ўтди, деди улардан бири —  

            “Вес Адванс” хусусий корхонаси  раҳбари Ахмедов Фаррух. Чунки биз аввало, “Ўзэлтехсаноат” компанияси фаолияти ва унинг таркибидаги бир қатор корхоналар ишлаб чиқарадиган маҳсулотлар билан яқиндан танишдик. Кўргазмали тарзда ташкил этилган семинар албатта ҳар қандай тадбиркор учун фойдали бўлди деб ўйлайман. Сабаб  шу ернинг ўзида  корхона раҳбари ёки мутахассиси билан бевосита мулоқотда бўлиш, икки томон эҳтиёжлари ва имкониятлари ҳақида билиш учун қулай шароит яратилди. Бизнинг корхонамизда ҳам  полимер воситаларини қайта ишлаш режамиз бор. Кўргазма стендларидан кўрдикки,  масалан  “Артел”  корхонаси учун  газ плиталарининг пластмасса ручкалари, масофадан ишга туширувчи пультлар  керак экан. Биз  шундай бутловчи қисмларни тайёрлаш юзасидан ҳамкорликни йўлга қўйиш масаласини ўрганиб  чиқмоқчимиз.

Замира ТОЖИЕВА.

Biznes Daily”.

 

Распечатать Просмотров: 345 09 Июл 2018