Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Қарор бўйича зарур вазифалар белгилаб олинди



“Ўзэлтехсаноат” уюшмасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 майдаги “Электротехника саноатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тармоқнинг инвестициявий ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан келиб чиқадиган вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда уюшмага аъзо корхоналар раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирок этди. 

Йиғилишда “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси Бошқарув раиси А.Абдуллаев сўнгги йилларда республикада электротехника саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, юқори қўшилган қийматли электротехника ва электромаиший маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги хусусида маълумот берди.

 

Йиғилишда қарорнинг муҳим жиҳатига эътибор қаратилди. Электротехника саноати йўналишида фаолият бошлаган тадбиркорлар учун унинг аҳамияти тушунтирилди. Хусусан, қарор билан электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олингани ва унга мувофиқ, эндиликда энергия тежамкор, арзон ва сифатли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, 2019–2020 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган, 2019–2021 йилларда электротехника саноатида 71 та лойиҳа амалга оширилиб, мазкур лойиҳалар учун 558,9 млн доллар сарфланади.

Қарорда 2019 йил 1 июлдан бошлаб электротехника корхоналари учун бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, электротехника маҳсулотларининг давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизгача нарх преференцияси қўлланилиши, бюджет ҳисобидан қуриладиган объектлар учун республикада ишлаб чиқариладиган электротехника маҳсулотлари сотиб олиниши, электротехника корхоналарининг экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг муддати 180 кун, электротехника корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган технологик ускуналари бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш муддати 270 кун этиб белгиланиши кўзда тутилган.

Қарор билан 2019–2021 йилларда маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган маҳсулотлар рўйхати ҳам тасдиқланган. 2020-2030 йилларда электротехника саноатини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, қарорда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасининг қўшимча молиялаштириш манбалари белгилаб берилган. Мазкур фонд маблағлари грантлар ажратиш, халқаро стандартларни жорий этиш, сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизини, лекин битта ҳолат бўйича эквиваленти 20 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш, стартап-лойиҳаларини молиялаштириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган бино-иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, молиявий кафилликлар бериш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизини, лекин битта ҳолат бўйича эквиваленти 10 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда қоплаш, республикада ва хорижий давлатларда кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари ва кўргазма стендларини тайёрлаш каби мақсадларга йўналтирилади.

Қарор билан Электротехника саноатини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳи таркиби тасдиқланган бўлиб, улар электротехника саноатида мис ва бошқа хом ашё қайта ишлашни чуқурлаштиришга, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга кўмаклашиш, ишлаб чиқарилаётган электротехника ва электромаиший маҳсулотлар таннархини ҳамда уни пасайтириш имконини чеклаётган ҳолатларни таҳлил қилиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрлаш, тармоқ ва тармоқлараро кооперацияни ривожлантириш, инновацион ишланма ва технологиялар жорий этилишини таъминлаш, “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб бориш вазифаси қўйилмоқда.

Йиғилиш якунида корхоналар раҳбарлари ва тадбиркорлар қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва зарур вазифалар белгилаб олинди.

“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати

 

Распечатать Просмотров: 54 04 Июн 2019