Размер шрифта: A A A
Изображения Выключить Включить
Цвет сайта Ц Ц Ц
обычная версия сайта
Mobil versiya

«O'zeltexsanoat» uyushmasi

Электротехника саноатидаги имтиёзлар қизғин мунозараларга сабаб бўлди



“Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ходимларидан иборат Ишчи гуруҳининг навбатдаги ташрифи Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида бўлиб ўтди. Электротехника саноати соҳасида фаолият юритаётган ва келажакда ушбу йўналишда янги лойиҳаларни амалга ошириш истагида бўлган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг электротехника саноатини ривожлантиришга қаратилган қарорларининг мазмун-моҳияти, унда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар хусусида сўз борди.

Жонли мулоқотда сўнгги йилларда республикада электротехника саноатини ривожлантириш, тармоқ корхоналари фаолиятини самарали ташкил этиш, юқори қўшилган қийматли электротехника ва электромаиший маҳсулотлар номенклатурасини кенгайтиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлиги хусусида маълумот берилди ва қарорнинг муҳим жиҳатлари шарҳлаб берилди. Хусусан, электротехника саноати йўналишида фаолият бошлаган тадбиркорлар учун унинг аҳамияти тушунтирилди.

Қарор билан электротехника саноатини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб олингани ва унга мувофиқ, эндиликда энергия тежамкор, арзон ва сифатли электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, 2019–2020 йилларда электротехника саноатини жадал ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланган, 2019–2021 йилларда электротехника саноатида 71 та лойиҳа амалга оширилиб, мазкур лойиҳалар учун 558,9 млн доллар сарфланади.

Қарорда 2019 йил 1 июлдан бошлаб электротехника корхоналари учун бир қатор имтиёзлар берилиши кўзда тутилган. Хусусан, электротехника маҳсулотларининг давлат харидларини амалга оширишда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизгача нарх преференцияси қўлланилиши, бюджет ҳисобидан қуриладиган объектлар учун республикада ишлаб чиқариладиган электротехника маҳсулотлари сотиб олиниши, электротехника корхоналарининг экспорт бўйича муддати ўтган қарздорлик ҳосил бўлишини ҳисоблашнинг муддати 180 кун, электротехника корхоналарининг ўз эҳтиёжлари учун олиб кирадиган технологик ускуналари бўйича тўланган пул маблағларини қайтариш муддати 270 кун этиб белгиланиши кўзда тутилган.

 

Энг муҳими, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси таркибига кирувчи корхоналар 2022 йил 1 январга қадар белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб келинадиган, Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган хом ашё, материаллар, бутловчи қисмлар ва асбоб-ускуналар бўйича божхона божлари тўлашдан озод этиладилар.

Қарор билан 2019-2021 йилларда маҳаллийлаштириш тавсия этиладиган маҳсулотлар рўйхати ҳам тасдиқланган. 2020-2030 йилларда электротехника саноатини ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилади.

Шунингдек, қарорда Электротехника саноатини ривожлантириш жамғармасининг қўшимча молиялаштириш манбалари белгилаб берилгани ҳақида ҳам маълумот берилди. Мазкур фонд маблағлари грантлар ажратиш, халқаро стандартларни жорий этиш, сертификатлаштириш тадбирлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш, стартап-лойиҳаларини молиялаштириш, бўш турган ва фойдаланилмаётган бино-иншоотларни таъмирлаш ва реконструкция қилиш, молиявий кафилликлар бериш, халқаро кўргазмалар ва ярмаркаларда иштирок этиши билан боғлиқ харажатларини қоплаш, республикада ва хорижий давлатларда кўргазма ва ярмаркалар ташкил этиш, семинарлар ўтказиш, тақдимот материаллари ва кўргазма стендларини тайёрлаш каби мақсадларга йўналтирилади.

Учрашув якунида қарорнинг мазмун-моҳияти юзасидан тадбиркорларнинг саволларига жавоб берилди. Хусусан, имтиёзларга эга бўлишда корхоналарга қўйиладиган талаблар, экспортни ошириш йўллари, халқаро стандартларни жорий этишдаги афзалликлар, хорижий инвесторларни жалб этишда “Ўзэлтехсаноат” уюшмасининг роли каби масалаларда қизғин мунозаралар бўлиб ўтди.

Распечатать Просмотров: 65 12 Окт 2019